22.12.2024, Екшемби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3876-сонли қарори ҳақида



Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг касби обрўси ва нуфузини ошириш, малакали кадрларни илмий ва педагогик фаолиятга жалб этиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, шунингдек, олимлар ва ўқитувчиларнинг иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларида кенг кўламли таркибий ўзгаришларни амалга оширишда иштирокини таъминлаш ҳамдаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги ПҚ-3876-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон РеспубликасиПрезидентининг 2018 йил 20 июлдаги “Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3876-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3655-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг базавий лавозим маошлари миқдорлари 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб табақалаштирилган ҳолда ўртача 25 фоизга оширилиши маълумот учун қабул қилинганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг:
2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдорини 2 баравар ошириш;
2018 йил 1 сентябрдан илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдорини эгаллаб турган лавозими ва илмий фаолият соҳасидан келиб чиқиб, 30 фоиздан 100 фоизгача табақалаштирилган миқдорда ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилганлиги;
в) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасаларининг муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва 
профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори қуйидаги икки босқичда оширилиши:
2019 йил 1 январдан – 20 фоизга;
2019 йил 1 июлдан – 25 фоизга;
г) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига 2018 йил 25 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимлари ва 
илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдорини ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш топширилганлиги;
д) Вазирлар Маҳкамасига мазкур қарор талабларига мувофиқ 2018 йил 
1 ноябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг базавий лавозим маошларини тасдиқлаш топширилганлиги;
е) Инновацион ривожланиш вазирлигига Фанлар академияси, Молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармасини (кейинги ўринларда-Жамғарма) унинг “Ипотека банк” АТИБда 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳисобрақамларини очган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритиш топширилганлиги;
ж) Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги:
ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ривожлантириш мақсадида илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий қилиш;
илмий ва илмий-техник фаолиятни юқори технологик тадбиркорлик стартап-лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш орқали амалий натижаларга эришиш учун йўналтириш;
тадқиқотларни амалга оширилаётган стартап-лойиҳаларда таъсисчи сифатида иштирок этиш орқали тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш;
з) Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига Фанлар академияси, Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, шу жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини баҳолаш ва танлашнинг аниқ мезонларини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш топширилганлиги;
и) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш;
Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3.Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин;
Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Кенгашига таклифлар киритсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.А.Жуманов зиммасига юклансин.



Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев