21.12.2024, Шемби

Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и 

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди, суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди, маъмурий судлар ташкил этилди, шунингдек, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилди. 

Барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди.

Шу билан бирга, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг таҳлили улар зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлари қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаяпти ҳамда аҳолининг суд ҳокимиятига ишончи пасайишига олиб келмоқда.

Судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими суд ҳокимиятининг алоҳида мавқеи ва обрўсига, судьялар мустақиллиги принципларига мувофиқ эмаслиги касбий ўсишни янада рағбатлантиришга тўсқинлик қилиб, кадрлар қўнимсизлигига олиб келмоқда.

Одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг қуйидагилар орқали суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш;

қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини суд амалиётига жорий этиш;

судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан суд ишларини назорат тартибида, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан суд ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти обзорларини ҳар чоракда эълон қилиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг холислиги ва шаффофлигига ишончни ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссиялар тузиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Молия вазирлигининг:

судларга мурожаат этишда давлат божларини тўлаш бўйича амалдаги имтиёзлар ва давлат божлари ставкаларини қайта кўриб чиқиш;

Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат божлари ва жарималар тўлашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилган суммаларнинг, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини ундириш бундан мустасно, 40 фоизи миқдорида ажратмалар белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судлар судьялари ва ходимлари ҳамда Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари 1–5-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 августдан бошлаб:

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади;

малака даражаси ва мансаб даражасига эга бўлган судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритиладиган 50 фоиз миқдорида устама тўланади;

судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун, лавозим маошларига (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) устамалар ҳамда малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ миқдорлари адлия органлари ходимлари учун белгиланган миқдорларга тенглаштирилади.

Ушбу банднинг амал қилиши давлат органлари ва ташкилотларидаги лавозимларга белгиланган тартибда, шу жумладан, ушбу Фармон кучга киргунга қадар сайланган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тайинланган, шунингдек, судьялик малака даражаларига эга судьяларга ушбу давлат органлари ва ташкилотларида назарда тутилган барча устамалар ва қўшимча ҳақларни сақлаб қолган ҳолда татбиқ этилади.

Ушбу банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган судьяларнинг давлат органлари ва ташкилотларида ишлаган вақти уларнинг ушбу орган ва ташкилотлардаги меҳнат фаолияти бошланган пайтдан бошлаб судьялик стажига киритилади.

6. Ушбу Фармоннинг 5-бандида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар:

судлар, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари учун – Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

судьялар орасидан сайланган ёки тайинланган давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва ходимлари учун – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига Олий суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг юқори малакали, ташаббускор, хизмат мажбуриятларини ҳалол ва самарали бажараётган судьялари ва ходимларига Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 100 фоизигача миқдорда устама (пул таъминоти) тўлаш ҳуқуқи берилсин.

8. Белгилаб қўйилсинки, махсус унвон ва даражалар мавжуд бўлиши назарда тутилган назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлардан тайинланган (сайланган) судьяларга малака даражалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда 6-иловага мувофиқ судьялар малака даражаларининг бошқа органлар унвонлари ва даражаларига нисбатини ҳисобга олган ҳолда, лекин эгаллаб турилган лавозим учун назарда тутилганидан юқори бўлмаган ҳолда берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий суди икки ой муддатда:

а) Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига судьялар ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурталаш тартиби, шунингдек, уларнинг пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ва тартиби тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини киритсин;

б) Марказий банк билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларга автомобиллар сотиб олиш учун, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар аппаратлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига эса уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этишни назарда тутадиган таклифларни киритсин;

в) Судьялар олий кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги 164-II-сонли қарори билан тасдиқланган Суд, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Ф.Камилов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2018 йил 13 июль