21.12.2024, Суббота

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги ПФ-5467-сонли Фармони ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги ПФ-5467-сонли Фармони ҳақида

 

Маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги ПФ-5467-сонли Фармони ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган Фармони билан:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг шаҳарларда аҳолининг фаровон яшаши ва самарали меҳнат фаолиятини таъминлашга қаратилган “Обод маҳалла” дастурини амалга ошириш, хусусан жорий йилда 2 тадан ва 2019-2022  йилларда камида 3 тадан маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги;

б) Қуйидагилар “Обод маҳалла” дастурининг асосий йўналишлари этиб:

ҳар бир маҳаллада ўз ичига маҳалла гузарини, тиббиёт масканлари негизида қулай ва арзон дорихоналарни, зарур маиший хизмат ва сервис шохобчаларини, болалар майдончаси ҳамда кичик истироҳат боғини қамраб оладиган “маҳалла маркази”ни барпо этиш;

ҳар бир маҳалланинг тарихан шаклланган тадбиркорлик ва ҳунармандчилик салоҳиятини ҳамда маънавий-маданий анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

маҳалла ҳудудида бўш турган ер майдонларини ёки фойдаланилмасдан турган бино ва иншоотларни тадбиркор ва ҳунармандларга “ноль” қийматда бериш асосида микро саноат зоналарини ва ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш ҳисобига маҳалла аҳлини иш билан таъминлаш;

маҳалла аҳлини электр энергияси, ичимлик суви, кўмир ва табиий газ билан ишончли таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва чиқаришнинг зарур инфратузилмасини яратиш ва ҳар бир оила энергия ва коммунал хизматлар учун тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириши ва хонадонлардаги ўлчов-ҳисоблаш ускуналарининг бир маромда ишлаши учун маҳалланинг масъулиятини кескин ошириш;

суғориш учун мавжуд сув ресурсларидан келиб чиқиб ариқ-ирригация тизимини мослаштириш, коллектор ва дренаж тизимларини модернизация қилиш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш;

маҳалла аҳлининг эҳтиёжига мос келадиган, кенг ички йўлларни ва пиёдалар йўлакларини қуриш ҳамда таъмирлаш, йўл бўйини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритиш тизимларини барпо этиш;

маҳалла ҳудудидаги мактабгача таълим муассасаларини, умумтаълим мактабларини, тиббиёт, маданият ва жисмоний тарбия ҳамда спорт ташкилотлари бино ва иншоотларини устувор равишда реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга уларнинг уй-жойларини таъмирлашда моддий ва молиявий ёрдам кўрсатиш ҳамда аҳолини қурилиш материаллари билан имтиёзли тарзда таъминлаш;

ҳар қандай қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини, шунингдек, маҳалланинг замонавий шаҳарсозлик қиёфасини яратишга қаратилган барча лойиҳаларни фақат бош режага мувофиқ ҳолда амалга ошириш белгиланганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси маҳаллий ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳолига хизмат кўрсатадиган тузилма ва ташкилотлар бўлинмалари (вакиллари)нинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ишлашини таъминлашга қаратилган вазифа ва йўналишлардан келиб чиқиб, “Обод маҳалла” дастури параметрларини шакллантириш ҳамда амалга оширишнинг узоқ муддатли механизми ва аниқ манбаларини аниқлаб, ижросини таъминлашга қаратилган қарор лойиҳасини киритиш топширилганлиги ва бунда:

кўп хонадонли ва якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш ва уларга туташган ҳудудларни ободонлаштириш, пиёдалар йўлаклари, ирригация ва суғориш тизимлари ҳамда чиқинди йиғиш майдончаларини барпо этиш;

маҳалла ички автомобиль йўлларини ва транспорт коммуникация тизимини таъмирлаш, ичимлик суви ва оқова сув таъминотини яхшилаш, электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда кўчаларни ёритиш тизимини тиклаш, иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш;

ижтимоий соҳа объектлари, замонавий спорт иншоотлари ва маҳалла гузарларини ташкил этиш, бозор инфратузилмаси объектлари, жумладан ҳаммом, савдо ва маиший хизмат мажмуаларини қуриш;

маҳалла ҳудудидаги лойиҳаларни жойлаштириш ва бўш ерларни ажратишда маҳалланинг равнақига хизмат қиладиган йўналишларга устуворлик бериш ва бу борада барча даражадаги архитектура органлари мутасаддиларининг шаҳарсозлик талабларига сўзсиз риоя қилиш юзасидан шахсий масъулиятини ошириш;

маҳалла аҳолисининг фаровон турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, мавжуд ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаларини сақлаш, асраб-авайлаш вазифаларини барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар зиммасига шахсан юклатиш;

дастурда ҳар бир маҳалла фуқаросининг ободлик учун кўнгилдан чиқаётган орзу-умидларини рўёбга чиқариш ва шахсий ҳиссасини қўшишда барча имкониятларни сафарбар этиш, бунёдкорлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, “маҳалла ободлиги хонадон ободлигидан бошланади” деган ташаббус асосида ўз маҳалласини обод қилиш учун аҳолида масъулият ҳиссини кучайтириш;

аҳолига кундалик ижтимоий-маиший хизмат кўрсатадиган хизматлар ва тузилмалар фаолиятини бевосита йирик (ўртача доимий аҳоли сони 4 минг кишидан ортиқ) маҳаллаларнинг ўзида йўлга қўйиш назарда тутилиши белгилаб қўйилганлиги;

г) “Обод маҳалла” дастури доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида шаҳарлар ва туманлар учун “Обод маҳалла” жамғармаларини ташкил этиш ҳамда қуйидагилар уларнинг манбалари этиб: 

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган трансфертлар;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ва уларнинг қўшимча маблағлари;

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар, ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;

халқаро молия институтлари ҳамда хорижий давлатлар грант маблағлари;

ташаббускор тадбиркорлар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланганлиги;

д)  2018 йилда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллалардаги ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти ва канализация ҳамда коллектор ва дренаж тизимларини модернизация қилиш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш ишларини молиялаштириш учун қўшимча равишда талаб этиладиган маблағлар тенг улушларда  Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалар ҳамда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан, келгуси йилларда эса Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари маблағлари ва халқаро молия институтлари ҳамда хорижий давлатларнинг грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши;

“Обод маҳалла” дастури доирасида амалга ошириладиган электр энергияси ва табиий газ таъминоти, алоқа тизими ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбектелеком” АК, Республика йўл жамғармаси ҳамда бошқа ташкилот ва тармоқ корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан тегишли мақсадлар учун тўғридан-тўғри молиялаштирилиши;

“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида бажариладиган таъмирлаш ишлари (капитал қурилишдан ташқари) ва ободонлаштириш тадбирлари уларни лойиҳалаштириш билан бир вақтда амалга оширилиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда тасдиқланадиган манзилли рўйхат асосида молиялаштирилиши;

“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда объектларнинг иш ҳажми ва смета қийматларини асоссиз равишда ошириб юбормаслик учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари шахсан масъул этиб белгилаб қўйилганлиги;

е) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йилларда ривожланиш дастурлари параметрларини белгилашда “Обод маҳалла” дастурига киритилган объектлар учун зарур миқдордаги маблағларнинг назарда тутилишини таъминлаш топширилганлиги;

ж) “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб берадиган ишлаб чиқариш корхоналарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги ПФ-5386-сонли Фармонининг 7-банди билан тақдим этилган имтиёзлар татбиқ этилиши белгиланганлиги;

з) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:

“Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига ишсиз аҳолини 6 ойлик муддатгача жалб қилиш ва биринчи ойлик иш ҳақини иш бошлаган кунида олдиндан 50 фоизини бўнак сифатида тўлаш шартларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш;

маҳаллаларда бўш турган бино ва иншоотларда микро саноат зоналарини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлигини ошириш чораларини кўриш топширилганлиги;

и) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда маҳаллаларда аҳолини, жумладан ёшларни иш билан таъминлаш учун микро саноат зоналарини ташкил этиб, замонавий ихчам ишлаб чиқариш корхоналари ва маиший техникаларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини жойлаштириш;

бунда ҳудудларда фойдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш топширилганлиги;

к) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда “Обод маҳалла” жамғармаларини ташкил этиш, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш топширилганлиги;

л) Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлигига барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган улкан қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари,  Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича қўмитаси, Нукус шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда “Обод маҳалла” дастури доирасида жорий йилда 2 та ва                               2019-2022 йилларда камида 3 тадан маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган Фармони билан белгиланган “Обод маҳалла” дастурининг асосий йўналишлари доирасида тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласинлар.

4. “Обод маҳалла” дастури доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида “Обод маҳалла” жамғармаси ташкил этилсин.

Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган трансфертлар;

Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети ва уларнинг қўшимча маблағлари;

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар, ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;

халқаро молия институтлари ҳамда хорижий давлатлар грант маблағлари;

ташаббускор тадбиркорлар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар “Обод маҳалла” жамғармасининг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

5. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда объектларнинг иш ҳажми ва смета қийматларини асоссиз равишда ошириб юбормаслик учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари, туманлар ва Нукус шаҳар ҳокимлари шахсан масъулдир.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари,  Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича қўмитаси Нукус шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда:

келгуси йилларда ривожланиш дастурлари параметрларини белгилашда “Обод маҳалла” дастурига киритилган объектлар учун зарур миқдордаги маблағларнинг назарда тутилишини;

“Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб берадиган ишлаб чиқариш корхоналарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  29 мартдаги ““Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги ПФ-5386-сонли Фармонининг 7-банди билан тақдим этилган имтиёзлар татбиқ этилишини таъминласинлар.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Нукус шаҳри ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:

“Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига ишсиз аҳолини 6 ойлик муддатгача жалб қилиш ва биринчи ойлик иш ҳақини иш бошлаган кунида олдиндан 50 фоизини бўнак сифатида тўлаш шартларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш;

маҳаллаларда бўш турган бино ва иншоотларда микро саноат зоналарини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлигини ошириш чораларини кўриш ишларини амалга оширсинлар.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда маҳаллаларда аҳолини, жумладан ёшларни иш билан таъминлаш учун микро саноат зоналарини ташкил этиб, замонавий ихчам ишлаб чиқариш корхоналари ва маиший техникаларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини жойлаштирсин.

Бунда ҳудудларда фойдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлансин.

9. Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон матбуот ва ахборот агентлиги, барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган улкан қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.А.Тажетдинов, Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари С.И.Нагметов, М.А.Жуманов, Б.С.Хабибуллаев, М.Ш.Алеуов, З.А.Ибрагимова зиммасига юклансин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси  

 Вазирлар Кенгашининг Раиси          

   

 Қ.Сариев