14.12.2024, Суббота

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги ПҚ-3812-сонли қарори ҳақида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  27 июндаги “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги ПҚ-3812-сонли қарори ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги ПФ-5467-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, шу асосда аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  27 июндаги “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги ПҚ-3812-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган қарори билан:

а) “Обод маҳалла” дастури доирасида:

2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишнинг асосий кўрсаткичлари 2.1-2.9-иловаларга мувофиқ;

2018-2019 йилларда амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш параметрлари 3-3.1-иловаларга мувофиқ тасдиқланганлиги;

Дастур ижросининг бориши юзасидан шаҳар (туман)лар ҳокимлари ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари шаҳар (туман) кенгашига ҳисобот бериб бориши белгилаб қўйилганлиги;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларига:

бир ой муддатда “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича ҳар бир маҳалла кесимида “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, уларни амалга ошириш механизмлари, муддатлари ва масъулларни аниқ белгилаш;

“Обод маҳалла” дастурини амалга ошириш ва белгиланган параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан корхона, ташкилот ва ижрочиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, бунинг учун ҳар бир маҳалла бўйича махсус штаблар фаолиятини ташкил этиш;

тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда маҳаллалар ҳудудларида 4-иловада келтирилган хизматлар ва тузилмаларни ташкил этиб, уларнинг юқори малакали мутахассислар, зарур моддий-техника базаси, бино ва иншоотлар билан таъминлаган ҳолда тўлиқ фаолият юритиш чораларини кўриш топширилганлиги;

в) “Обод маҳалла” дастурига киритилган объектлар бўйича:

тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжирининг компаниялари ҳамда вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари тизимидаги буюртмачи хизматлари буюртмачи этиб белгиланганлиги;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни танлов савдолари ўтказмасдан, энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилганлиги;

мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик шаҳарлар ҳокимлари ҳамда тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига юклатилганлиги;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларига:

“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи функциясини бажариш учун “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларининг шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ҳафта муддатда “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларининг шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларининг намунавий низомлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини мазкур гуруҳлар назорати остида молиялаштириш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминлаш топширилганлиги;

            д) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига:

мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларни комплекс ривожлантиришни назарда тутувчи бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқишни;

маҳаллалар ҳудудидаги бўш ер майдонларини тадбиркорлик субъектлари учун ажратишда бош режа талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан маҳаллий ҳокимлик ва архитектура органлари масъулиятини оширишни таъминлаши;

ушбу тартибга риоя этилмаган тақдирда барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва архитектура органларининг мутасадди раҳбарлари ва ходимлари ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилиши қайд этилганлиги;

е) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига, секторлар раҳбарлари, “Ўздавергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбектелеком” АК, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларни ўрнатилган тартибда хатловдан ўтказиб, унинг натижаларига кўра:

мавжуд уй-жойлар, бино ва иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўрганиб ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини ташкил этиш;

техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино ва иншоотлар, қурилмаларнинг бузилишини таъминлаш;

бир ой муддатда кўп қаватли бино ва иншоотлар, уларга туташ ҳудудлар, ободонлаштириш элементлари, шунингдек, умумий фойдаланиш объектларини тўлиқ қамраб олган ҳолда кадастр маълумотларини янгилаш топширилганлиги;

ж) Ўзбекистан Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига “Обод маҳалла” дастури доирасида Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ишларини, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг зарурий элементлар билан тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш топширилганлиги;

з) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланишдаги қисмлар ва майдонларни (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари ва ҳ.к.) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атрофидаги ҳудудларни тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиш ва шy асосда ишларни амалга оширишни таъминлаш топширилганлиги;

и) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига  Давлат экология қўмитаси ва тегишли санитар тозалаш корхоналари билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда чиқиндиларни йиғиш майдончаларини барпо этиш, мунтазам равишда чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил қилиш чораларини кўриш топширилганлиги;

к) Иқтисодиёт вазирлигига, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ талаб этиладиган 5-иловада келтирилган асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозлари билан таъминлаш бўйича тартиб ишлаб чиқиш ва шу асосда ишларни ташкил этиш;

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўзэлтехсаноат” АК таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини мунтазам равишда етказиб беришни ташкил этиш топширилганлиги; 

л) Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродовга вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи органлар билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўриш топширилганлиги;

м) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига ўрнатилган тартибда:

“Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ва маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш тизимини такомиллаштириш учун зарур ҳолларда шаҳарсозлик норма ва қоидаларини қайта кўриб чиқиб, ўзгартишлар киритишни ҳамда янгиларини ишлаб чиқишни таъминлаш;

объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизаси ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминлаш топширилганлиги;

н) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-З630-сонли қарори билан тузилган “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (А.Ж.Раматов)га:

“Обод маҳалла” дастурини амалга оширишда иштирок этаётган вазирлик, идора, ҳокимлик ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ўзаро ҳамкорликда иш юритишларини таъминлаш, бу борада юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;

“Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашнинг бориши юзасидан тизимли мониторинг юритиш;

келгуси йилларда “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;

“Обод маҳалла” дастурини амалга ошириш жараёнида зарур ҳолларда вазирлик, идора, ҳокимлик ва ташкилотлар-буюртмачиларнинг таклифлари асосида тегишли параметрларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда бажариладиган иш турлари ва ҳажмларига аниқлик киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифлари давомида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3630-сон қарори билан тасдиқланган “Обод қишлоқ” дастурига тузатишлар киритиш ҳамда янгиланган параметрларни тасдиқлаш вазифалари юклатилганлиги;

о) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, бошқа тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан келишган ҳолда, ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг параметрларини объектлар кесимида шакллантириш, тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритиб бориш;

бунда, дастур доирасида ажратиладиган маблағларнинг самарадорлигини ошириш ва ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик мақсадида объектлар ва тармоқлар бўйича энг мақбул меъморий ва техник ечимлар асосида лойиҳалаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишларининг бажарилишини таъминлаш топширилганлиги;

п) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича корхона ва ташкилотлар ўртасидаги дебитор ва кредитор қарздорликни ошиб кетмаслигига шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилганлиги;

р) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлигига тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликлар билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2018 йил манзилли дастурига киритилган ва қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини хатловдан ўтказиб, зарур ҳолларда уларнинг ўрнига “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларида кўзда тутилган объектларни киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича қўмитаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган қарори билан:

1-иловага мувофиқ тасдиқланган 2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхати;

2.1-2.9-иловаларга мувофиқ тасдиқланган 2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишнинг асосий кўрсаткичлари;

3-3.1-иловаларга мувофиқ тасдиқланган 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш параметрлари доирасида  Қорақалпоғистон Республикаси бўйича белгиланган дастур параметрларнинг бажарилишини таъминласин.

Дастур ижросининг бориши юзасидан Нукус шаҳар ҳокими ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгашига ҳисобот бериб боришини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича қўмитаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда:

ун кун муддатда “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича ҳар бир маҳалла кесимида “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, уларни амалга ошириш механизмлари, муддатлари ва масъулларни аниқ белгилаб тасдиқлаш;

“Обод маҳалла” дастурини амалга ошириш ва белгиланган параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан корхона, ташкилот ва ижрочиларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин, бунинг учун ҳар бир маҳалла бўйича махсус штаблар фаолиятини ташкил этсин;

тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда маҳаллалар ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган қарори билан 4-иловада келтирилган хизматлар ва тузилмаларни ташкил этиб, уларнинг юқори малакали мутахассислар, зарур моддий-техника базаси, бино ва иншоотлар билан таъминлаган ҳолда тўлиқ фаолият юритиш чораларини кўрсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган объектлар қурилиши ва ободонлаштириш ишларига:

тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ягона буюртмачи хизмати “Инжирининг компанияси” ҳамда вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари тизимидаги буюртмачи хизматлари буюртмачи этиб белгиласин;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни танлов савдолари ўтказмасдан, энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилсин.

Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик Нукус шаҳар ҳокими ҳамда тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига юклансин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, туманлар ва Нукус шаҳри ҳокимликлари ҳамда Вазирлар Кенгашининг ягона буюртмачи хизмати “Инжиниринг компанияси” билан биргаликда:

“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи функциясини бажариш учун Вазирлар Кенгашининг ягона буюртмачи хизмати “Инжиниринг компанияси” ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳини ташкил этиш бўйича таклиф киритишни;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ҳафта муддатда Вазирлар Кенгашининг ягона буюртмачи хизмати “Инжиниринг компанияси” ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳининг низомлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини мазкур гуруҳ назорати остида молиялаштириш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминласин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги Нукус шаҳар  ҳокимлиги билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган қарорининг 1-иловасида келтирилган лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларни комплекс ривожлантиришни назарда тутувчи бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқишни;

маҳаллалар ҳудудидаги бўш ер майдонларини тадбиркорлик субъектлари учун ажратишда бош режа талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан Нукус шаҳар ҳокимлиги архитектура бошқармасининг масъулиятини оширишни таъминласин.

Белгиланган тартибга риоя этилмаган тақдирда барча туманлар ва Нукус шаҳри  ҳокимликлари ва архитектура бўлимларининг мутасадди раҳбарлари ва ходимлари ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилиши белгилансин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов),  секторлар раҳбарлари, Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси, Корақалпоғистон электр тармоқлари ҳудудий корхонаси, “Ўзтрансгаз” АЖ Корақалпоғистонгаз филиали, “Ўзбектелеком” АК Корақалпоғистон филиали, Нукус шаҳар ҳокимлиги, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларни ўрнатилган тартибда хатловдан ўтказиб, унинг натижаларига кўра:

мавжуд уй-жойлар, бино ва иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансин ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини ташкил этсин;

техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино ва иншоотлар, қурилмаларнинг бузилишини таъминласин;

ўн беш кун муддатда кўп қаватли бино ва иншоотлар, уларга туташ ҳудудлар, ободонлаштириш элементлари, шунингдек, умумий фойдаланиш объектларини тўлиқ қамраб олган ҳолда кадастр маълумотларини янгиласин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланишдаги қисмлар ва майдонларни (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари ва ҳ.к.) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атрофидаги ҳудудларни тартибга келтириш бўйича талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, шy асосда ишларни амалга оширишни таъминлансин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитини муҳофаза қилиши қўмитаси, Санитар тозалаш корхонаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда чиқиндиларни йиғиш майдончаларини барпо этиш, мунтазам равишда чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги ва Нукус шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ талаб этиладиган асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналардан мунтазам равишда етказиб беришни ташкил этсин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги, Нукус шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил                    29 мартдаги ПҚ-З630-сонли қарори билан тузилган “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси вазифаларига мувофиқ,  “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажаришда юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича ўз вақтида Республика комиссиясига таклифлар киритиб борсинлар.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, Нукус шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда ҳар йили              1 октябрга қадар келгуси йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг параметрларини объектлар кесимида шакллантириб, тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритиб борсин.

Дастур доирасида ажратиладиган маблағларнинг самарадорлигини ошириш ва ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик мақсадида объектлар ва тармоқлар бўйича энг мақбул меъморий ва техник ечимлар асосида лойиҳалаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш таъминлансин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (С.Нагметов), Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, туманлар ва Нукус шаҳри ҳокимлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича корхона ва ташкилотлар ўртасидаги дебитор ва кредитор қарздорликни ошиб кетмаслигига шахсан масъулдир.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари С.И.Нагметов, М.А.Жуманов, Б.С.Хабибуллаев зиммасига юклансин.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси  

 Вазирлар Кенгашининг Раиси          

    Қ.Сариев