30.10.2024, Среда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-аҳлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3907-сонли қарори ҳақида



Ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида, шунингдек, 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Вазирлар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш 
чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3907-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:
а) Қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутувчи Ёшларни 
маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) 
1-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги:
юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидоий ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш;
педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш;
ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
ўқувчи-ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбарлари Дастурнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланиши белгиланганлиги;
б) Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши (А.Н.Арипов)га:
вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда Дастурнинг амалга оширилиши бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этсин, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш;
Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таҳлил қилиб бориш;
таълим-тарбия соҳасида қонун бузилиши ҳолатларининг сабаб ва 
шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш, жойларда ёшларни қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш топширилганлиги;
в) Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари:
2018 йил 1 сентябрдан:
бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга;
юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача;
директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилганлиги;
2019 йил 1 январдан:
олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга;
биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга;
иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга;
мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга;
директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилганлиги;
г) Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида, улардаги ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирлиги қуйидагича белгиланганлиги:
250 нафаргача – 1 штат бирлигида;
250 нафардан 800 нафаргача – 1,5 штат бирлигида;
800 нафардан 1600 нафаргача – 2 штат бирлигида;
1600 нафардан 3000 нафаргача – 2,5 штат бирлигида;
3000 нафар ва ундан ортиқ – 3 штат бирлигида.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида олий маълумотли психологлар учун базавий тариф ставкалар 2018 йил 1 сентябрдан ушбу муассаса мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилиши, 2019 йил 1 январдан эса 1,1 бараварга оширилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиш топширилганлиги;
д) Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланганлиги;
е) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларни фаолиятининг натижавийлиги асосида рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилганлиги;
ж) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши икки ой муддатда:
ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини;
умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва асосий фаолияти бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини;
таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги;
з) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банк, “Ўзшаҳарқурилишинвест” ва “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компаниялари билан биргаликда икки ой муддатда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга, 
3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида дастлабки бадали 
10 фоиз бўлган ипотека кредити сифатида бериш, шунингдек, “Ҳар бир 
оила-тадбиркор” дастури доирасида педагог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолияти учун 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 
7 фоиз ставка миқдорида кредитлар бериш тартибини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритиш топширилганлиги;
и) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Молия вазирлиги, Марказий банк, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида халқ таълими тизимидаги ходимлар учун ипотека кредити, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун истеъмол кредитлари беришни молиялаштириш бўйича махсус жамғармани ташкил этиш, унга Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари ажратиш ҳамда халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги;
й) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан қуйидаги шартларда кредитлар бериш тартиби ўрнатилганлиги:
кредитни бериш муддати – 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга;
дастлабки бадал суммаси – сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
кредит учун фоиз ставкаси – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.
“Ўзавтосаноат” АЖга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган педагог ходимлар рўйхати асосида улар томонидан тижорат банклари кредитлари ҳисобига автотранспорт воситалари сотиб олиш учун автотранспорт воситалари ажратиш топширилганлиги;
к) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда халқ таълими соҳасида баркамол авлодни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган, ёшларни ватанпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган халқ таълими тизими ходимларини тақдирлаш учун давлат мукофоти таъсис этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши ҳамда ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги;
л) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этиш топширилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Қурилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси, “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”нинг концепцияси ва намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги;
л) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланганлиги;
Қуйидагилар белгилаб қўйилганлиги:
олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, 
10-11-синфлардаги барча фанлардан оралиқ, якуний назоратлари, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилиши;
кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, 
10-11-синфлардаги барча фанлардан йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилиши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартибини тасдиқлаш топширилганлиги;
м) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, мактабдан ташқари таълим соҳасига давлат-хусусий шерикликнинг жорий этилиши борасида мавжуд аҳволни ва илғор хорижий давлатлар тажрибасини, жумладан, жойига чиққан ҳолда ўрганиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилганлиги;
н) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Ташқи ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан биргаликда икки ой муддатда жаҳондаги олий таълим муассасалари рейтингида 1000 талик рўйхатга кирадиган хорижий олий таълим муассасаларининг, шу жумладан, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг филиал (факультет)ларини Ўзбекистон Республикасида лицензия олмасдан ва бошқа имтиёзли шартларда ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиши ҳамда аниқ таклифлар киритиш топширилганлиги;
о) Қуйидагилар тақиқланганлиги:
халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш; 
халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш;
халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш;
Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талаблар бузилган ҳолларда тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиши ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш топширилганлиги;
п) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Халқ таълими вазирлиги, унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, шу жумладан, унинг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва штатлар сонини мақбуллаштириш орқали таълим соҳасига бошқарувнинг илғор услубларини жорий этиш юзасидан таклифлар киритиш топширилганлиги;
р) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 2019 йил 
1 августга қадар Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб 10 фоизга қисқартириш ҳамда мазкур фанлар бўйича дарс соатлари қисқартирилган мутахассисларни талаб юқори бўлган бошқа ўқув фанларга бепул қайта тайёрлаб ўтказиш юзасидан таклиф киритиши топширилганлиги;
с) 19-20 бандлар маҳфий тарзда берилганлиги;
т) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ушбу қарор ва дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни 2018 йил учун ажратиш топширилганлиги ҳамда 
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутиш топширилганлиги;
у) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларни фаолиятининг натижавийлиги асосида рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини жорий этиш юзасидан Вазирлар Кенгашига таклиф киритсин.
5. Қуйидагилар тақиқлансин:
халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш; 
халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш;
халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш;
Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талаблар бузилган ҳолларда тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиши ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда “Қишлоққурилишинвест” МЧЖ инжиниринг компаниялари билан биргаликда икки ой муддатда ҳар йили шаҳар ва туманларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимида фаолият юритаётган педагог ходимларга 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида дастлабки бадали 10 фоиз бўлган ипотека кредити сифатида бериш, шунингдек, “Ҳар бир оила - тадбиркор”   
дастури доирасида педагог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолияти учун 
3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 7 фоиз ставка миқдорида кредитлар бериш бўйича таклифлар киритсин.
7. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий таълим муассасалари ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрласин.
8. Махфий.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.А.Жуманов зиммасига юклатилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси 
Вазирлар Кенгашининг Раиси                                          Қ.Сариев