22.12.2024, Воскресенье

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3873-сонли қарори ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3873-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қарори билан:  

а) Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан давлат божхона хизмати органларига жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар ҳақида мажбурий равишда хабардор этиш белгиланганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар ҳақида давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон тарзда хабар бериш тизимини татбиқ этилишини таъминлаш топширилганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни қабул қилувчининг солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки паспорт маълумоти орқали идентификациялаш имконини берувчи электрон базаларни идоралараро интеграциясини амалга оширилишини таъминлаш топширилганлиги;

г) қуйидагилар:

почта алоқаси оператори ва провайдерлари томонидан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида олдиндан электрон тарзда хабар беришда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида давлат божхона хизмати органларини олдиндан электрон тарзда хабардор қилиш жараёнларини амалга ошириш схемаси 

2-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

д) кириб келаётган халқаро жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштируви:

темир йўл ва автомобиль транспорти орқали етказишда - махсус белгиланган божхона постларида;

ҳаво траспорти орқали етказишда-халқаро аэропортлар ёки унга яқин ҳудудларда жойлашган божхона постларида амалга оширилиши;

е) Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига юридик шахслар номига келаётган қиймати 100 (юз) АҚШ долларига тенг бўлган товарлардан божхона тўловлари ундирилмайдиганлиги;

ж) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар 3-иловага мувофиқ киритилганлиги;

з) вазирлик ва идораларга бир ой муддатда ўзларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштириш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси (Т.Баекеев) Қорақалпоғистон Репсубликаси Божхона бошқармаси (Х.Файзуллаев) билан биргаликда бир ой муддатда почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар ҳақида давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон тарзда хабар бериш тизимини татбиқ этилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси Давлат солиқ бошқармаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни қабул қилувчининг солиқ тўловчининг идентификациялаш имконини берувчи электрон базаларни идоралараро интеграциясини амалга оширилишини таъминласин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 9 февралдаги  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512-сонли қарори ҳақида”ги 89-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар иловага мувофиқ киритилсин.

6. Тегишли вазирлик ва идоралар Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари бир ой муддатда ўзларининг ҳуқуқий-норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.


Қорақалпоғистон Республикаси 

Вазирлар Кенгашининг Раиси        Қ.Сариев