30.10.2024, Среда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июль кунги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3827-сонли қарори ҳақида


Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий реабилитация ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президетининг 2018 йил 2 июль кунги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3827-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:

а) Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг, шу жумладан хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатлангани, шунингдек, қийноққа солганлик, зулм қилганлик ва бошқача тарзда шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини таҳқирловчи муомалада бўлганлик учун жавобгарлик белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинганлиги;

б) Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомилаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қўйидагилар:

ўз жонига қасд қилишга мойил ҳулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаши;

ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни ҳал қилишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини, шу жумладан фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш;

низоли вазиятларнинг эрта олдини олишга, энг аввало “хавф остидаги гуруҳ”да бўлган шахслар ва оилаларни аниқ мақсадда қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини такомиллаштиришга фуқаролик жамиятлари институтларини кенг жалб қилиш;

низоли вазиятлар, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини, ўз жонига қасд қилиш кайфитини қўзғатадиган омилларни аниқлаш ҳамда ўрганиш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини, шу жумладан жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали қарор топтириш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш белгиланганлиги;

в) Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилиши) иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

г) Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг зиммаларига Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилганлиги;

д) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузузридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро ҳайрия фонди, “Sen Yolg’iz Emassan” республика ижтимоий болалар жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг қўйидаги таклифи:

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил ҳулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унга эрта барҳам бериш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказини ташкил этиш;

таъсисчилар маблағларини, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Республика марказининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига Республика марказининг буюртманомалари асосида унинг асосий вазифаларини  бажариш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни ҳар йили назарда тутиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги;

е) Республика марказининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қўйидагилардан иборат эканлиги маълумот учун қабул қилинганлиги:

Оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;

ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва изчил профилактика тадбирларини ўтказиш;

низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш холларини ва ўз жонига қасд қилишга мойил ҳулқ-атворни эрта бартараф этиш мақсадида давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиш;

ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича ҳудудий давлат ва нодавлат муассасаларининг фаолиятини ташкил этилишида, уларнинг моддий-техник ва услубий базасини мустаҳкамланишида, мазкур муассасаларнинг кадрлар салоҳиятини шакллантириш ва қўллаб-қувватланишида, муҳтож шахсларга, шу жумладан, “ишонч телефони” орқали маслаҳат бериш тизимини яратиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш;

долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида вақти-вақти билан жамоатчилик фикрини ўрганиш, уларнинг асосида низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни бартараф этишга доир дастурлар ва услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва  шарт-шароитларни таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш, ахборот-таҳлилий материалларни, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида тарқатиш орқали ушбу соҳадаги муаммолар ҳақида жамоатчиликнинг хабардор этилишини таъминлаш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ходимлари учун низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни бартараф этиш масалаларига бағишланган амалиётлар, семинар ва тренинглар ўтказиш;

ж) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қўйидагилар тўғрисидаги таклифлари:

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини (кейинги ўринларда - Марказлар) босқичма-босқич ташкил этиш ва бунда биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида биттадан Марказ фаолиятини йўлга қўйиш;

иккинчи босқичда туманлар (шаҳарлар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шу жумладан туманлараро тамойил асосида минтақалардаги Марказ сонини ошириш;

учинчи босқичда республиканинг туманларини (шаҳарларини) имкон қадар қамраб олган ҳолда Марказлар фаолияти таъминланишини назарда тутиш;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТТДнинг “Давлат бошқарувида иштирок этиш учун хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаётда уларнинг фаоллигини ошириш” деб номланган қўшма лойиҳаси доирасида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича дастлабки марказни ташкил этишга доир лойиҳани энг яхши халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш;

давлат-хусусий шериклиги усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан Марказларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатилишининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларини ва халқаро (хорижий) ташкилотларни жалб қилиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинганлиги;

з) Марказлар биринчи набватда ташкил этиладиган туманлар (шаҳарлар) рўйхати Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли ҳокимликлар билан келишилган ҳолда аниқланиши белгилаб қўйилганлиги;

к) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг мурожаатларига мувофиқ ташкил этиладиган Марказларнинг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш мақсадида уларнинг жойлаштирилишини, жиҳозланишини ташкил этиши ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш топширилганлиги;

л) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, қўшимча ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган ташкилотлар тўғрисида маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган “ишонч телефони”ни (республика доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган “тезкор алоқа”ни) ташкил этиш мақсадида Марказларни, шу жумладан Республика марказини кўп каналли телефон алоқаси билан таъминлашда кўмак бериш топширилганлиги;

м) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қўйидаги масалалар юзасидан Марказлар билан:

низоли вазиятлар, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш ва олди олинишини таъминлаш, уларнинг оқибатлари, шунингдек, бундай турдаги хатти-ҳаракатлар содир этилишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларга, биринчи навбатда, оилавий низоларни ҳал қилиш орқали таъсирчан ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга оширишда;

жамиятда оилавий-маиший сабабларга кўра содир этилган зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш мақсадида низоли вазиятларнинг, шу жумладан оиладаги низоли вазиятларнинг эрта олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил қилишда ҳамкорлик қилиш топширилганлиги;

н) Вазирликлар ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари Марказлар, шу жумладан Республика маркази билан яқин ўзаро ҳамкорлик олиб бориши, уларга юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур қулай шарт-шароитлар яратиши, ўз вақтида зарур ёрдам бериши, аниқ чоралар кўрган ҳолда уларнинг мурожаатларининг кўриб чиқилишини таъминлаш топширилганлиги;

о) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига халқаро алоқаларни амалга оширишда, хорижда ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича ташкилотлар билан алоқалар ўрнатишда, халқаро (ҳорижий) ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари билан битимлар тузишда Республика Марказига ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига ҳар томонлама кўмаклашиш топширилганлиги;

п) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда “Маиший зўрлик ишлатишнинг олидини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши ва Қонун лойиҳасида қўйидаги масалалар:

маиший зўрлик ишлатиш тушунчасини таърифлаш, зўрлик ишлатиладиган ҳолат турларини ажратиб кўрсатиш;

ваколатли органларнинг вазифалари ва функционал мажбуриятларини белгилаш;

маиший зўрлик ишлатишнинг эрта олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик  учун жавобгарликни фарқлаш;

муайян тақиқлар ўрнатишни, шу жумладан жабрланганлар билан мулоқот қилишга, уларнинг иш жойига, ўқиш жойига, яшаш жойига боришга

тақиқлар қўйишни ва уларни ҳимоя қилиш бўйича бошқа чора-тадбирларни назарда тутадиган ҳимоявий кўрсатмалар институтини жорий этиш;

судгача ва суд текшируви жараёнида маиший зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган махсус процессуал кафолатларни жорий этишни назарда тутиш топширилганлиги;

р) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига:

оилавий-маиший соҳада қонунийликни ва ҳар бир оилавий-маиший зўрлик ишлатиш, шахсий ҳаётга аралашув ҳолати бўйича жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда оилавий-маиший зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ эътирозсиз ва қаршиликсиз одил судловдан фойдаланишини ва тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш;

Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига низоли вазиятларда ва оилавий-маиший зўрлик ишлатиш аниқланган ҳолларда самарали ҳаракат қилиш ўргатилишини таъминлаш топширилганлиги;

с) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига “ҳавф остидаги гуруҳ”да бўлган оила аъзоларига нисбатан ҳар бир зўрлик ишлатилган ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларини ва “Оила” марказини зудлик билан хабардор қилишни таъминлаш топширилганлиги;

т) Адлия вазирлигига Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар билан биргаликда  икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Марказлар, шунингдек, уларни тузилмалари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

  3.Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (З.Ибрагимова), “Оила” маркази Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (М.Утепбергенов), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши (Т.Романов), Оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси (Ш.Асанова), “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро ҳайрия фонди (О.Ембергенова), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши (А.Данияров) билан биргаликда 
1 ой муддатда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил ҳулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унга эрта барҳам бериш мақсадида нодавлат нотижорат шаклида  Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Қорақалпоғистон Республикаси Ҳудудий марказини ташкил этиш чораларини кўрсин.

4. Таъсисчилар манбалари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий марказининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Ҳудудий бошқармасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қўйидагилар:

 Оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;

ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан профилактика тадбирларини ўтказиш;

низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш холларини ва ўз жонига қасд қилишга мойил ҳулқ-атворни эрта бартараф этиш мақсадида давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиш;

долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида вақти-вақти билан жамоатчилик фикрини ўрганиш, уларнинг асосида низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни бартараф этиш қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида тарқатиш орқали ушбу соҳадаги муаммолар ҳақида жамоатчиликнинг хабардор этилишини таъминлаш белгилансин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (З.Ибрагимова), Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (А.Аяпов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Д.Ходжиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (У.Сабуров) ўзаро ҳамкорликда:

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда шаҳар ва туманлари ҳузурида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини босқичма-босқич ташкил этсин ва бунда қўйидагиларни:

биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикасида Марказ фаолиятини ташкил этишни;

иккинчи босқичда шаҳар ва туманлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, шу жумладан туманлараро тамойил асосида минтақалардаги Марказлар сонини оширишни;

учинчи босқичда республиканинг шаҳар ва туманларини имкон қадар қамраб олган ҳолда Марказлар фаолиятини таъминлашни назарда тутсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (З.Ибрагимова) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ишлар Бошқармаси (М.Джуманиязов) Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси (З.Камалов) билан биргаликда бир ой муддатда Республика марказини жойлаштириш учун бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида бино ажратилишини, шунингдек, уни зарур мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа моддий-техник ресурслар билан жихозланишини таъминласин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (З.Ибрагимова), Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Д.Ходжиев), Халқ таълими вазирлиги (А.Аяпов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (У.Сабуров), Ички ишлар вазирлиги (А.Темирханов) Марказлар ташкил этилишига қараб, ушбу марказларни мазкур вазирликлар ҳузурида фаолият кўрсатадиган шунга ўхшаш вазифа ва функцияларни бажарувчи реабилитация қилиш ва мослаштириш муассасаларини оптималлаштириш ҳисобига тегишли мутахассислар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси (З.Камалов) билан биргаликда Қорақапоғистон Республикаси  Хотин-қизлар қўмитасининг мурожаатларига мувофиқ ташкил этиладиган Марказларнинг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш мақсадида уларнинг жойлаштирилишини, жиҳозланишини ташкил этиши ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш чораларини кўрсин.

 10. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси (Т.Баекеев) фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, қўшимча ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган ташкилотлар тўғрисида маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган “ишонч телефони”ни (республика доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган “тезкор алоқа”ни) ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда шаҳар ва туманлари ҳузурида босқичма-бочқич ташкил этилиши режалаштирилган Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини кўп каналли телефон алоқаси билан таъминласин.

11. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгашига (Т.Романов) Марказлар билан ҳамкорликда:

низоли вазиятлар, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг ўз вақтида аниқланиши, бартараф этилиши ва олди олинишининг таъминланиши, уларнинг оқибатларининг, шунингдек, бундай турдаги хатти-ҳаракатлар содир этилишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларнинг бартараф этиш;

оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларга, биринчи навбатда, оилавий низоларни ҳал қилиш орқали таъсирчан ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга ошириш;

жамиятда оилавий-маиший сабабларга кўра содир этилган зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш мақсадида низоли вазиятларнинг, шу жумладан оиладаги низоли вазиятларнинг эрта олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил қилиш топширилсин.

12. Қорақалпоғистон Республикасида Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.   

13. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Д.Ходжиев) “хавф остидаги гуруҳ”да бўлган оила аъзоларига нисбатан ҳар бир зўрлик ишлатилган ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини, Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳудудий бўлинмаларини ва “Оила” маркази Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасини зудлик билан хабардор қилишни таъминласин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги (Ж.Садыков), Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (З.Ибрагимова), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Д.Ходжиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (У.Сабуров) бир ой муддатда Марказлар, шунингдек, уларнинг тузилмалари тўғрисидаги намунавий низомини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасига таклиф ишлаб чиқсин ва Вазирлар Кенгашига киритсин.

15. Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси (Қ.Нағметов), Ахборот агентлиги (Б.Нурабуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасига (З.Ибрагимова) ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятининг кенг ёритилишини ва аҳолига етказилишини ташкил қилиш тавсия этилсин.

16.  Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

 

 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгашининг Раиси                               Қ.Сариев